Қирғизистонда “Вор в законе” Қамчибек Кўлбаев қўлга олинди

“Вор в законе” Қамчибек Кўлбаев.

Қирғизистонда “Вор в законе” Қамчибек Кўлбаев (Қамчибек Асанбек) уюшган жиноий гуруҳларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига барҳам бериш амалиёти доирасида қўлга олинди. Бу ҳақда 22 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси маълум қилди.


Расмий билдирувда таъкидланишича, Жиноят кодексининг 249-моддаси - “Жиноий гуруҳ тузиш ва унда иштирок этиш” бўйича 22 октябрда қўлга олиниб, Миллий хавфсизлик қўмитаси Бош тергов бошқармасига олиб келинди.


16 октябрда Миллий хавфсизлик қўмитаси лавозимига тайинланган сиёсатчи Қамчибек Ташиев Қамчибек Кўлбаев тадбиркорларга босим ўтказгани аниқланса, албатта қамоққа олинишини эълон қилган эди.


“Қамчи Кўлбаев босим ўтказса ёки қонунни бузса жазога тортилади. Жазоланибгина қолмай, қамоққа олинади. Бандитлар, сизларга озгина муҳлат берилади. Сизлар ё қонунга бўйсуниб яшайсизлар, ёки қонунга асосан қамаласизлар, ёки мамлакатимизни тарк этасизлар”,-деб билдирган эди Қамчибек Ташиев.


Ички ишлар вазирлиги Қирғизистонда Қамчибек Кўлбаев, Азиз Батукаев, Алмаз Бўкушев асос солган уч жиноий гуруҳ ва 1076та субъектдан иборат турли гуруҳлар мавжудлигини билдирган.


46 ёшли Қамчибек Кўлбаев 2012 йилнинг декабрида “жиоий гуруҳ тузганликда, қурол ва наркотик савдосида, ҳокимият вакилига куч қўллаганликда, одам ўғирлашда” айбланиб уч йилга қамалган ва 2014 йилнинг 8 июнида озодликка чиқарилган эди.


2012 йилда АҚШ Қамчибек Кўлбаевни дунёдаги энг йирик наркобаронлар рўйхатига киритган эди.