Талабаларга контрактни тўртга бўлиб тўлаш имконияти берилди

Тошкентдаги университетлардан бири.

Олий таълим муассасалари талабаларига 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт пулини ўқув йили давомида тенг улушларда тўртга бўлиб тўлаш имконияти берилди.


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг билдиришича, контракт пулининг камида 25 фоизини талабаликка тавсия этилган абитуриентлар 15 сентябргача ёки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатгача ҳамда иккинчи ва ундан кейинги босқич талабалар учун 1 октябргача ёки олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан узайтирилган муддатгача тўланиши шарт.


Тўлов миқдорининг камида 50 фоизи 1 январгача, 75 фоизи 1 апрелгача ва 100 фоизи 1 июлгача ёки олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан узайтирилган муддатларгача тўланади.


Хорижий фуқаролар учун олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан белгиланган муддатларгача, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларга ўқув йилининг биринчи ярми учун тўловларни амалга ошириш муддати ва миқдорлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан ва қолган қисми олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) томонидан белгиланган муддатларгача амалга оширилади.