Чечен ММА жангчиларининг Франциядаги террорчиликни оқлагани кескин норозиликка сабаб бўлди

Ўқитувчи Самюэл Пати ўлдирилган жой.

Чеченистонлик аралаш жанглар устаси Зелим Имадаев Францияда 47 ёшли ўқитувчи Самюэль Патини сўйиб ташлаган 18 ёшли миллатдоши Абдуллоҳ Анзоровнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. У ўз инстаграмида Анзоровни “Ислом қаҳрамони”, деб атади.


ММАнинг яна бир жангчиси Альберт Дураев ҳам ижтимоий тармоқда “Францияда сўз эркинлиги ўзининг бошланиш нуқтасини йўқотиб қўйди”, деб ёзди ва пости охирига қувноқ смайликча қўйди.


Петербурглик фаол Россия тергов қўмитасига мазкур спортчиларга нисбатан “террорчиликни оқлаш” моддаси асосида текширув ўтказишни илтимос қилиб, ариза киритди.


Имадаев ва самбо бўйича Россия чемпиони Дураев ижтимоий тармоқлардаги ўз постлари резонансга сабаб бўлгани ортидан, уларни ўчириб юборди.


47 ёшли Пати 16 октябрь куни ўлдирилганди. Ўлимидан аввалроқ у ўқувчиларига Charlie Hebdo журналида босилган ва Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган карикатураларни ўқувчиларига кўрсатган ҳамда улар билан сўз эркинлиги мавзусини муҳокама қилган. Шундан сўнг унга таҳдидлар бошланган.


Ўқитувчининг ўлимида Москвада туғилган Абдуллоҳ Анзоров гумонланмоқда. Унинг оиласи 2008 йили Франциядан бошпана сўраганди.


У Твиттердаги ўз саҳифасига боши танасидан жудо қилинган Патининг суратини жойлаб, у пайғамбарни ҳақорат қилгани учун “қатл этилгани”ни билдирганди.

Полициячилар Анзоровни қўлга олишга уринганлар, бироқ у пневматик тўппонча ўқталгани учун отиб ўлдирилган.