Озарбайжон президенти Тоғли Қорабоғ арманлари учун “маданий автономия” ташкил этиш эҳтимоли мавжудлигини билдирди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғда арманлар “маданий автономияси” ташкил этиш эҳтимоли мавжудлигини билдирди, деб хабар берди ТАСС Озарбайжон давлат телеканали- АзТВга таянган ҳолда.


АзТВга берган интервьюсида Алиев “Европанинг ривожланган давлатлари”ни мисол қилиб келтирган ҳолда, бу давлатларда “муниципалитетлар ва жамоалар ўз ҳудудлари доирасида муайян ҳуқуқларга эга экани”ни айтган.


Илҳом Алиев бу қайси давлатлар эканини очиқ айтмади, аммо “арманлар ҳам шунга ўхшаш имкониятларга эга бўлиши мумкинлиги”ни билдирди.


Айни пайтда Алиев Озарбайжон ҳудудида “ҳеч ким иккинчи арман давлати ташкил этилишига йўл қўймаслигини”, Озарбайжон армияси “босиб олинган ҳудудларни озод қилишда давом этаётгани”ни таъкидлади.


Аввалроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 21 октябрь куни халққа қилган мурожаатида Тоғли Қорабоғдаги урушни дипломатик йўл билан тўхтатиш имкониятини кўрмаётгани ҳақида гапирган эди.


Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Шу сабабдан юз минглаб этник озарбайжон уруш қочқинлари бўлиб қолмоқда. Тоғли Қорабоғдаги жанглар 27 сентябрда бошланган эди.