Германияда коронавирусга чалинганларнинг кўпайиши ортидан ҳожатхона қоғозига талаб кескин ошди

Сўнгги бир ҳафта ичида ҳожатхона қоғози аввалги кунларга қараганда 90 фоизга кўп сотилган.

Германия Статистика хизматининг билдиришича, мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг кўпайиши ортидан ҳожатхона қоғози ва бошқа гигиена воситаларига бўлган талаб кескин кўпайди.


Расмий маълумотда билдирилишича, сўнгги бир ҳафта ичида ҳожатхона қоғози аввалги кунларга қараганда 90 фоизга кўп сотилган. Айни пайтда дезинфекция воситалари савдоси 72,5 фоизга, совун савдоси 62,3 фоизга ошган.


Германия Европанинг қолган давлатларига, жумладан, Британия ва Францияга нисбатан коронавирусни муваффақиятли жиловлашга эришди, аммо сўнгги ҳафталарда беморлар сони кескин ўсиб бормоқда.


22 октябрь куни Германияда 11 287 кишида коронавирус аниқланди. Бунга қадар коронавирусга чалинганлар бўйича антирекорд 16 октябрда 7830 кишида коронавирус аниқланганида қайд этилган эди.