Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган ўзбекистонликларни олиб келиш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Uzautotrans service” корхонаси томонидан жорий йилнинг 22 октябрь куни 3 та автобус Екатеринбург шаҳрига жўнаб кетган. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Режага мувофиқ, автобуслар 23 октябрь оқшомигача белгиланган манзилга етиб бориши керак.
“Ташкил этилган махсус автобус қатнови орқали Екатеринбург, Челябинск, Тюмень шаҳарларидан жами 150 нафар фуқаролар Ўзбекистонга олиб келинади”, дейилган хабарномада.
Вазирлик ушбу махсус автобус қатновлари барча санитария қоидалари ва Қозоғистон ҳамда Россия Федерацияси томонидан қўйилган талабларга қатъий амал қилган ҳолда бажарилаётганини маълум қилган.
Аввалроқ Россиянинг Самара вилоятида йиғилиб қолган ўзбекистонликлар “Uzautotrans service” корхонасига тегишли 15 та автобусда олиб келингани ҳақида хабар қилган эдик.