Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг галдаги учрашуви 2021 йилга қолдирилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Марказий Осиё президентларининг аввал Қирғизистонда ўтказилиши режаланган учинчи маслаҳат учрашуви коронавирус пандемияси туфайли 2021 йилга қолдирилган ва бу учрашув Туркманистонда ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Дунё” ахборот агентлигига берган суҳбатида билдирган.

Афсуски, коронавирус билан боғлиқ вазият ва пандемияни бартараф этиш билан боғлиқ сананинг ноаниқлиги сабаб жорий йил охиригача учинчи Маслаҳат учрашувини ўтказиш учун имконият бўлмаслиги кўзга ташланиб қолди”, деган А. Комилов.

Ташқи ишлар вазири Туркманистон 2021 йилда ўтказилажак учинчи учрашувга мезбонлик қилиш истагини билдирганини қайд этган.

Биз, Маслаҳат кенгашининг ҳамраиси сифатида Туркманистоннинг ушбу таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва навбатдаги Марказий Осиё Маслаҳат учрашувини кенг ва сермазмун дастур асосида ўтказилишига умид қиламиз”, деган Абдулазиз Комилов.

Вазирга кўра, Туркманистондаги саммитдан сўнг қирғизистонлик дўстларнинг Маслаҳат учрашувини Бишкекда ташкил этиш бўйича таклифига яна қайтиш мумкин.

А. Комилов саммитнинг кейинги йилга қолдирилгани қўшни давлатлар режалаштирилган минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш йўлида “секинлашди”, деганини англатмаслигини урғулаган.

Марказий Осиёнинг барча беш давлати учун кўп томонлама ҳамкорлик савдо алоқаларини мустаҳкамлаш, инвестиция оқимларини жалб қилиш, минтақа мамлакатларининг глобал таъминот занжирларига фаол қўшилиши учун янги имконият ва имтиёзларни шакллантириш омили сифатида устувор аҳамиятга эга”, деган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевдан чиққани айтилади. Бу учрашувнинг биринчиси 2018 йил мартида Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда, иккинчиси эса 2019 йил ноябрида Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бўлиб ўтган.

Учинчи учрашув, режага кўра, 2020 йил августида Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтиши керак эди, аммо пандемия важидан мазкур учрашув кузга қолдирилганди.

Бироқ Қирғизистонда октябрь ойи бошларида юз берган сиёсий воқеалар ҳамда минтақада коронавирус ёйилиш суръати яна авж ола бошлагани президентлар учрашувини кейинги йилга қолдирилишига сабаб бўлган кўринади.