Божхона қўмитаси экспортчи ширкатларнинг банк сирларига воқиф бўлиш учун қонунга ўзгартиш киритишни таклиф қилмоқда

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) “Банк сири тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритишга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага қўйди. Лойиҳадан келиб чиқилса, ДБҚ ширкатларнинг банк сири ҳисобланадиган маълумотларини ола билиш имкониятига эга бўлмоқчи.

Қўмита, аввало, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига оид банк маълумотларига эга бўлиш учун қонуннинг 8-моддасига (банк сирини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этиш) ўзгартишлар киритишни таклиф қилган. Бу ерда гап “ташқи иқтисодий фаолият [импорт- экспорт] иштирокчиларининг банкда мавжуд бўлган ҳисоб рақамлари, омонатлари (депозитлари), улардаги пул маблағларининг қолдиғи ва операциялар тўғрисидаги ҳамда божхона тўловлари бўйича мажбуриятлар ижроси билан боғлиқ тегишли маълумотларни олиш ҳуқуқига эга бўлиш” ҳақида бормоқда.

Лойиҳа муҳокамаси жорий йилнинг 7 ноябригача давом этади.

Газета.уз қайдича, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, банк сирларини ташкил этувчи маълумотларга эга бўлиш ҳуқуқи Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига берилган. Департамент бу ҳуқуқни 2019 йил январь ойида қўлга киритган.