Президент қарори билан Мудофаа вазирлигига қарашли Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилди

COVID-19 инфекциясини жиловлаш амалиëтларига Ўзбекистон қуролли қўшинлари сафарбар қилинган.

Ўзбекистон президенти 22 октябрь куни “Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор имзолади.

24 октябрь куни расмий матбуотда чоп этилган қарорга мувофиқ, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети негизида Мудофаа вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилди.

Қарорда ëзилишича¸ Академиянинг асосий вазифаси қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар учун ҳарбий тиббиёт соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган кадрларни тайëрлашдан иборат бўлади.

Айни пайтда Академия биологик таҳдидларга тезкор жавоб қайтара оладиган самарали тизимни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича изланишлар олиб боришга масъул бўлади.

Давлат олий ҳарбий таълим муассасаси бўлган мазкур Академияда таҳсил олиш учун 2021/2022 ўқув йилидан номзодлар медицина олийгоҳларининг даволаш факультетларининг 5- босқичини ва тиббий-профилактика факультетларининг 4-босқичини энг юқори натижалар билан тамомлаган талабалар орасидан Мудофаа вазирлиги томонидан танлаб олинади.

Қарорга кўра¸ Академиянинг бакалавриат босқичини тамомлаган курсантларга дастлабки “тиббий хизмат лейтенанти” ҳарбий унвони ва “ҳарбий врач” мутахассислигини берадиган диплом ҳамда ҳарбий интернатурани тамомлагач, “тиббий хизмат катта лейтенанти” ҳарбий унвони ва тегишли мутахассислик берилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.

Айни қарорга кўра, Академияда юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ҳарбий тиббиёт илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.

Қарорга мувофиқ Академия таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Мудофаа вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.