Насронийга эрга тегмоқчи бўлган қизининг сочини қирққан мусулмон оила Франциядан бадарға қилинди

Қизи насроний сербга турмушга чиқишни истагани учун унинг сочини олиб ташлаган босниялик мусулмон ота-она ва уларнинг бошқа фарзандлари Франциядан бадарға қилинди. Бу ҳақда Франция ички ишлар вазири Геральд Дарманин маълум қилди.

Безансон шаҳрида яшовчи 17 ёшдаги қизнинг ота-онаси билан бир қаторда уч нафар ака ва опалари ҳам Франциядан ҳайдалган.

Вазирлик билдирувида «Миллий ҳудуддан бадарға қилиш сабаби оила август ойида қўл урган номақбул ишлар, хусусан, бошқа динли серб кишини севиб қолган ўсмир қизнинг калтаклангани ҳамда сочи қириб ташланганидир», дейилади.

Билдирувга кўра, ўсмир қиз Франция ҳукумати қарамоғида бўлади.

Босния ва Герцеговина полицияси оила махсус самолётда ва полиция қуршовида пойтахт Сараевога элтиб қўйилганини тасдиқлади.

Оилага беш йил давомида Францияга кириш ман этилган. Шунингдек, ўсмир қизнинг яна икки қариндоши қамоқ жазосига ҳукм қилинган.