Ўзбекистон ҳам PayPal тизимига ўтишни режаламоқда

Марказий Осиёда PayPal пул ўтказиш тизимига уланмаган ягона давлат – Ўзбекистон ҳам ушбу тизимга ўтиш ҳаракатларини бошлади.

Бу ҳақда 24 октябрь куни маҳаллий журналистлар билан учрашган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов маълум қилди.

Вазир Содиқовга кўра, ҳозирда Ўзбекистон Марказий банки PayPal ширкати билан музокара олиб бормоқда.

Вазир Содиқов келажакда PayPal тизими билан рақобатга киришадиган миллий пул ўтказиш тизими жорий қилиниши ҳам режаланганини таъкидлади.

2018 йилда расмийлар PayPal тизимининг Ўзбекистонда ишламаслигини амалдаги қонунлар жисмоний шахсларга пулларни хорижий валютада сақлашга рухсат бермаслиги билан изоҳлаган.

Ўтган йилнинг октябрида қонунчиликка ўзгартириш киритилиб, хорижда ҳисоб рақам очишга рухсат берилди.