Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яна ўқ отилди

Чегара ҳудуди.

Қирғизистон -Тожикистон чегарасининг 25 октябрь куни ўқ отилган қисмида вазият барқарорлаштирилди. Вазиятни назорат қилиш учун мазкур ҳудудга чегара хизмати раисининг биринчи ўринбосари Абдикарим Алимбаев жўнаб кетди. Бу ҳақда 26 октябрь куни Қирғизистон Чегара хизмати маълум қилди.

Билдирилишича, 25 октябрь куни Боткен вилояти Боткен туманидаги Уч-Дўбў деб аталган чегара ҳудудининг икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган қисмида Тожикистон фуқаролари ўз қишлоқларига тоза ичимлик суви олиб ўтиш мақсадида ер қазиш ишларини олиб борганлар.

Расмий маълумотда Қирғизистон чегарачилари тожикистонликларга мазкур ҳудуд баҳсли бўлгани учун ҳеч қандай ишлар олиб борилиши мумкин эмаслигини айтиб, ишларни тўхтатишни талаб қилган.

Бироқ Тожикистон фуқаролари чегарачилар талабини бажаришдан бош тортгани оқибатида қирғиз ҳарбийлари ҳавога қарата ўқ узишга мажбур бўлган.

Тожикистон томони ҳозирча бу борада расмий маълумот бермади. Чегара ҳудудида олиб борилган ишлар тўхтатилгани билдирилди.

Қирғизистон-Тожикистон чегараси 970 километрни ташкил қилади. Унинг 504 километри делимитация ва демаркация қилинган. Чегаранинг аниқланмаган ҳудудларида икки давлат фуқаролари ва ҳарбийлари ўртасида тез-тез турли низолар содир бўлиб туради.