Покистон: Мадрасадаги портлашда нобуд бўлганлар сони камида 9 нафарга етди

Пешовардаги портлаш содир бўлган мадраса, 2020 йил 27 октябри.

Покистоннинг Пешовар шаҳридаги диний мактабда 27 октябрь куни содир бўлган портлаш оқибатида камида 9 киши қурбон бўлди, 110 нафардан зиёд одам тан жароҳати олди.

Шаҳар полицияси масъули Вакар Азимга кўра, портлаш мадрасада сабоқ ўтилаётган пайтда содир бўлган. Мулозимнинг айтишича, кимдир мактабга сумка олиб келиб, портлаш рўй бергунича синфни тарк этишга муваффақ бўлган.

Пешовар полицияси раҳбари Муҳаммад Али Гандапур бомба олти килограмм портловчи моддадан иборат бўлган.

Шаҳардаги Lady Reading касалхонаси ходими Муҳаммад Осим тиббиёт муассасасига 7 кишининг жасади ва 70 га яқин ярадор олиб келинганини маълум қилди. Унга кўра, жабрланувчиларнинг кўпчилигига бомба парчалари теккан, айримлари қаттиқ куйган.

Қурбонларнинг ҳаммаси, Осимнинг айтишича, 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган эркаклардир. Ярадорлар орасида ўқитувчилар ва етти яшар болакай ҳам бор. Ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олганича йўқ.