Йирик ширкатлар трансформация қилинади ва имтиёзлардан маҳрум бўлади

Uzbekistan Airways самолёти.

«Ўзавтосаноат», «Ўзбекистон темир йўллари», Uzbekistan Airways ва бошқа йирик ширкатларнинг имтиёз ва преференциялари бекор қилинади. Бу борада президентинг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида белгилаб қўйилди.

Фармон билан тасдиқланган трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари рўйхатида «Ўзавтосаноат», «Тошшаҳартрансхизмат», «Ўзбекистон темир йўллари», Uzbekistan Airways, Uzbekistan Airports, «Ўздонмаҳсулот», «Ўзагросуғурта», «Ўзсувтаъминот» ва бошқа жамиятлар бор.

Шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва қамбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активлари агентлиги 2020 йил 1 декабргача рақобат муҳитига таъсир қиладиган имтиёз ва преференцияларни хатловдан ўтказади. Уларни бекор қилиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, президент администрациясига киритади.

Молия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти ташкил этилади.

Департаментга 24 та штат бирлиги ажратилмоқда, улар молия ва давлат солиқ хизмати органларининг 12 тадан штат бирлигини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади.