“Яширин иқтисодиётни қисқартириш” тўғрисидаги фармон имзоланди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев “бизнеснинг "соядан" чиқишини рағбатлантириш, солиқ режимини соддалаштириш ҳамда нақдсиз тўловларни кенгайтириш”га эришмоқчи. Бу борада президентнинг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди.

Фармонга асосан умумий овқатланиш субъектларида жисмоний шахслардан банк карталари ва контактсиз тўловлар асосида олинган даромадлар солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида умумий даромадга киритилмайди.

Бундан ташқари 2021 йил 1 январдан риэлторлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома олиш талаби бекор қилинган. Риэлторлар айланмасидан олинадиган солиқ ставкаси 25 фоиздан 13 фоизгача пасайтирилади.

Қурилиш корхоналарига ишчиларни уларга иш ҳақини нақд пулда тўлаш (меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 10 фоизидан ошмаган ҳолда) ҳуқуқи билан ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини сақлаб қолган ҳолда шартнома тузмасдан ёллашга муддатли равишда рухсат берилади.

Фармонда “яширин иқтисодиётга таъсир қилувчи омил сифатида коррупцияни қисқартириш” ҳам белгиланди.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича Махсус комиссия ва ҳудудий комиссиялар тузилади.