Лукашенко ички ишлар вазирини алмаштириб, намойишчиларни огоҳлантирди

Беларус президенти Александр Лукашенко хавфсизлик хизматлари етакчилари билан учрашиб, намойишчиларни огоҳлантирди.

Авторитар президент унинг истеъфосини талаб қилиб ўтказилаётган норозилик акциялари фонида Ички ишлар вазирлигининг юқори лавозимли амалдорларини алмаштирди ҳамда қўшни мамлакатлар билан чегараларни қисман ёпди.

30 октябрь куни Лукашенко Михаил Грибни пойтахт Минск полицияси етакчиси, Иван Кубраковни эса ички ишлар вазири этиб тайинлади.

Ўша куни хавфсизлик хизматлари етакчилари билан учрашган Лукашенко:

«Агар кимда-ким хавфсизлик ходимига қўлини теккизса, мен аллақачон генералларимизга айтганимдек, у одам ўша жойни ҳеч бўлмаганда қўлидан айрилиб тарк этиши керак. Мен буни ҳамма-ҳамма қатъиятли эканлигимизни тушуниши учун айтаман. Бизда бошқа илож қолмади. Ортга чекиниш учун имконимиз йўқ ва бундай қилмаймиз ҳам», - деди.

Беларусда норозилик акциялари шу йил 9 августидан бери – Лукашенко президент сайлови ғолиби деб эълон қилиниши ортидан бошланиб кетган.

Мухолифат расмийлар томонидан эълон қилинган сайлов натижаларини тан олмай, уларни сохталаштирилган деб ҳисоблаб, Лукашенко истеъфосини, сиёсий маҳбуслар озод қилинишини ҳамда янги сайлов ўтказилишини талаб қилиб келмоқда.

Бугунга қадар 10 мингдан ошиқ намойиш қатнашчиси ҳибсга олинди, юзлаб одам қийноққа тутилди.