Европа Комиссияси бошпана қонунчилигини бузган Венгрияни жавобгарликка тортади

Европа Комиссияси ЕИнинг бошпана бериш тўғрисидаги қонунларини бузган Венгрияга қарши чора кўради.

30 октябрь куни Еврокомиссия бу ҳақда Венгрияга расмий мактуб йўллади. Унда коронавирус пандемиясига жавобан Будапешт жорий қилган янги тартиблар «Европа Иттифоқи бошпана қонунчилигини нотўғри татбиқ қилишга» тенг келиши айтилади.

Будапешт жорий қилган янги тартибга биноан Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар фуқаролари аввал Европа Иттифоқи ташқарисидаги Венгрия элчихонасида бошпана сўраши ва мамлакатга кириш учун махсус рухсатнома олиши керак.

Венгрияга Комиссияга жавоб бериш учун икки ой муддат берилди.

2015 йилда Европада муҳожир бўҳрони бошланганидан бери Венгрия бош вазири Виктор Орбан ўзининг иммиграцияга қарши сиёсати туфайли бир неча бор Брюссель билан тўқнашди.

2019 йил июль ойида Венгрия бошпана бериш тўғрисидаги аризаларни қўллаб-қувватлаганларни жиноий жавобгарликка торта бошлагани учун Комиссия мамлакатни судга берган эди.