Грузияда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Грузияда сайлов жараёни ислоҳ қилинганидан кейинги илк парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда.

Июнь ойида киритилган ўзгаришларга биноан, аввалгидек 77 эмас, балки 120 ўрин партия рўйхатлари асосида тўлдирилади. Шунингдек, аввалгидек 73 эмас, балки 30 нафар индивидуал номзод бир мандатли туманлар вакили сифатида сайланади.

Бугунги сайловда 66 партиянинг 490 номзоди беллашмоқда.

Мамлакат сайлов қонунчилиги бир сиёсий гуруҳ ҳокимиятни консолидация қилишига барҳам бериш мақсадида ўзгартирилган эди.

Бугунга қадар миллиардер Бидзина Иванишвилининг «Грузин орзуси» партияси ҳукмронлик қилиб келади.

Партия 2012 йилги сайловда мухолиф «Бирлашган миллий ҳаракат» партияси устидан ғалаба қозонганидан кейин ҳукмронлик қилиб келаётган эди.

Аммо 2019 йилда норозилик акциялари фонида партиянинг айрим депутатлари уни тарк этди ва натижада партия позицияси сустлашди.