Беларусь Covid-19ни сабаб қилиб, қўшни давлатлар билан чегарасини ёпди

Беларусь қўшнилари билан чегарани 1 ноябрдан ёпиб қўйди.

Беларуснинг барча чегара пунктлари хорижлик фуқаролар учун ёпилди.

Мухолифат ва танқидчилар расмийларнинг ушбу қарори ортида сиёсий сабаблар борлигини айтмоқдалар.

Беларусь Чегара қўмитаси чекловлар 1 ноябрь куни кучга киришини маълум қилди. Қўмитага кўра, чегарани ёпишдан мақсад «COVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олишдир».

Беларусда август ойида бўлиб ўтган президент сайловида амалдаги президент Александр Лукашенко ғолиб чиққани эълон қилинганидан бери норозилик акциялари тинчимаяпти.

Авторитар президент намойишларда иштирок этиб келаётган юз минглаб одамни хориж давлатлари қўғирчоқлари дея таърифлаб келади.

Шунингдек, Лукашенко қўшни Польша ва Болтиқбўйи давлатларини Беларусни беқарорлаштиришда айбламоқда.

Беларусь ҳукумати бир неча ой давомида коронавирус пандемияси кўламини кичрайтириб кўрсатиш сиёсатини олиб борди.

Йил бошида Лукашенко ароқ ичиш, қуруқ саунага бориб, яхшилаб терлаш ёки далага чиқиб ишлаш коронавирусни енгишга ёрдам беришини иддао қилган эди.