Инновация вазири: Коронавирусга қарши Хитой вакцинасидан бошқа вакциналар ҳам ўзбекистонликларда синаб кўрилади

Ҳозирга қадар дунё миқёсида ўтказилган синовларда коронавирус вакцинасидан ҳеч ким ўлмаган.

Ўзбекистонликларни коронавирус вакцинаси билан таъминлаш учун бир неча хил вакцина синовларини ўтказиш лозим бўлади. Бу – Россия вакциналари ҳам, Европадаги AstraZeneca ҳам, АҚШдаги Moderna компаниясининг вакциналари ҳам ёки Хитойнинг вакциналари ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳақда инновацион ривожланиш вазири, биолог олим Иброҳим Aбдураҳмонов “Халқ сўзи” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, бир пайтнинг ўзида бир нечта вакциналар синовини ўтказиш устида ишлар олиб бориляпти ва “аҳоли буни тўғри тушуниши керак”.

“Бир нечта вакцина синовини параллел равишда ўтказиш – давр тақозоси. Чунки коронавируснинг ҳам ҳар хил типлари бор”,-деб билдирди Иброҳим Aбдураҳмонов.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистонда синалиши айтилаётган Хитой вакцинаси синовининг учинчи босқичида турли давлатларда 15 минг кўнгилли иштирок этади. Улардан 5 минг нафари ўзбекистонликдир.

“Вакцина синовида битта нарсани тушуниш керак. 5000 вакцинани оладиган кўнгиллининг тенг ярми – 2500 нафари ҳақиқий вакцина олмайдиган одамлар бўлади. Яъни 2500 нафари ҳақиқий вакцина олади, қолгани ҳақиқий вакцина олмайди ва ким қанақа вакцина олганини, қанақа ампула ишлатилганини ҳеч ким билмайди. Бундай қилишдан мақсад – вакцинанинг қанчалик самарадорлигини аниқлаш, субъектив аралашувларни камайтиришдир”,-деб айтган вазир.

Мавзуга алоқадор Коронавирусга қарши Хитой вакцинаси 5 мингга яқин ўзбекистонликда синаб кўрилади

Унга кўра, дунё миқёсида шу кунгача коронавирусга қарши 11та вакцина синовининг 3-босқичи амалга оширилмоқда. Мазкур синовлар пайтида вакцинадан ўлганлар бўлмади.

“Биргина AstraZeneca компанияси ишлаб чиққан вакцинанинг 3-босқич синовида бир киши вафот этди, аммо кейин маълум бўлдики, вафот этган одам плацебо гуруҳида бўлган, у ҳақиқий вакцинани олмаган”,-деди Иброҳим Aбдураҳмонов.