Россия Миграция агентлиги расмийлари Тошкентда ўз марказини очиш масаласини муҳокама қилган

Тошкентда очилажак марказ Россияда ишламоқчи бўлган фуқароларга патент олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашади.

Россиянинг "Кўп функцияли миграция маркази" раҳбари Сергей Балдин Тошкентда ўзбек расмийлари билан Ўзбекистонда ваколатхона очиш масалаларини муҳокама қилган.

Бу ҳақда Россия Ташқи миграция агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Тошкентда ташриф доирасида Сергей Балдин, унинг ўринбосарлари Олег Нуждин ва Ирина Ермилова, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масъул ходимлари билан биргаликда Тошкент шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономаркази фаолияти билан танишган.

Россия вакиллари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти билан ҳам учрашиб, Агентлик биносида "Миграция маркази" давлат бюджет ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш ва қуйидаги фаолият билан шуғулланиши бўйича музокаралар ўтказган.

Ушбу марказ Россияда ишламоқчи бўлган фуқароларга патент олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва иш берувчилар ўртасида ҳамкорликни ўрнатишда оператор вазифасини бажаради.

Ҳозирги кунда Россияда ишлаётган ўзбек муҳожир ишчилар сони бир неча миллионни ташкил этиши айтилади.