Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Комилов Вашингтонда музокаралар ўтказди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео шу йил феврал ойида Тошкентга борганида ўзбекистонлик ҳамкасби Комилов билан учрашган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 20 ноябр куни Вашингтонда АҚШ-Ўзбекистон сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раундида қатнашган.

АҚШ делегациясига Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича Давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Дин Томпсон бошчилик қилган.

Мулоқот якуни бўйича эълон қилинган қўшма баёнотда айтилишича, томонлар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида стратегик шерикликни ривожлантириш зарурлигини қайд этганлар.

Қўшма Штатлар ўз навбатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлигини таъминлаш, мажбурий меҳнатга қарши кураш, матбуот эркинлиги, таълим ва бошқа соҳалардаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирган.

"Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоясини яхшилаш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш, диний эркинликларни кенгайтириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, Ўзбекистоннинг 2021−2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини мамнуният билан қабул қилади", дейилган Вашингтондаги учрашув бўйича эълон қилинган қўшма баёнотда.

2019 йилда АҚШнинг Ўзбекистонга ёрдам дастури деярли 100 миллион долларга ўсди, бу 2016 йилга нисбатан 10 баравар кўпдир.

Қўшма Штатлар ёшларнинг етакчилик қобилиятини кучайтириш, инглиз тили ўқитишни рағбатлантиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги, АҚШнинг "Тинчлик корпуси" кўнгиллиларининг Ўзбекистонга кириши учун йўл очилиши зарурлигини ҳам билдирган.

Қўшма баёнотда, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари сиёсий, иқтисодий, таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик, маданий ва бошқа соҳаларда алоқаларни қўллаб-қувватлаши, Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини дастаклаши ҳам таъкидланган.

Вашингтондаги мулоқот чоғида томонлар халқаро терроризм, экстремизм, одам савдоси ва трансмиллий жиноятчилик жиддий таҳдид эканини таъкидлаб, минтақавий хавфсизликни таъминлаш учун яқин ҳамкорлик муҳимлигини қайд этишган.

Қўшма Штатлар бу йил трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши ташаббусларни дастаклаш учун 9 миллион доллардан ортиқ молиявий ёрдам кўрсатмоқчи эканлигини маълум қилган.