Ўзбекистон делегацияси Сурияга ташриф буюриб, ушбу мамлакатда қийин аҳволга тушиб қолган республика фуқаролари, аёллар ва болаларни ватанига қайтариш бўйича навбатдаги акциянинг ташкилий масалаларини муҳокама қилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг "Дунё" агентлиги хабар берди.
"Ушбу мақсаддаги чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида фақат инсонпарварлик тамойилларига таянилади", — дейилади хабарда.
Суриядан қанча ўзбекистонлик олиб келиш мўлжалланаётгани ҳақда хабарда маълумот келтирилмаган.
Айни пайтда Туркия матбуоти Ўзбекистон бош вазири маслаҳатчиси Меҳриддин Ҳайриддинов бошлиқ делегация 26 ноябр куни Сурия шимолига сафар қилиб, у ердаги автономия маъмурият раҳбарлари, жумладан Абдул Карим Умар ва унинг муовини Фанар Қайитлар билан музокара ўтказгани ҳақда хабар қилди.
Абдул Карим Умар Туркия доҳил АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам террор ташкилоти деб тан олган ПКК Курдистон Ишчилар Партияси ташқи алоқалар бюроси ҳамраисларидан бири экани айтилади.
Ўзбекистон ҳукумати илк бор 2019 йил май ойи охирида 156 нафар ўзбекистонлик, асосан аёллар ва болаларни Uzbekistan Airways’нинг Сурия пойтахти Дамашқдан амалга оширилган махсус рейси билан Ўзбекистонга олиб келган эди.
Кейинчалик ушбу операция давомида Ўзбекистон томони маълум бир қийинчиликларга дуч келгани аён бўлган эди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир давлат Суриядан ватандошларни олиб қайтиш учун Ўзбекистон самолётини уриб тушириш билан таҳдид қилганини маълум қилган эди.