Андижонда аҳоли газ йўқлигидан норози бўлиб кўчага чиқди

Бундан олдин Бухоронинг Қоракўл тумани аҳли газ берилмаётганига норозилик билдириб катта магистрал йўлини тўсганди.

Андижонда газсиз қолган аҳоли ўз норозилигини билдириб, шаҳарнинг Ўзбекистон кўчаси ва Бобур шоҳ кўчаси кесишмасидаги йўлнинг қатнов қисмини тўсишга уринаётгани акс этган видеолар тарқалди.

Бундан олдин Бухоро вилоятининг Бухоро ва Қоракўл туманларида ҳам табиий газ ва электр тақчиллигидан норози аҳоли йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабар қилинганди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда, асосан, аёллардан иборат ўнлаб одам транспорт воситалари ҳаракатини тўхтатишга уринаётгани кўринади.

Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳодиса юзасидан изоҳ бермади.

Ўзбекистонда ҳар йили қиш мавсумида газ ва электр таъминотидаги узилишлар дан норози аҳолининг чиқишлари кузатилади.

Ўтган йили газ ва электр таъминотидаги мунтазам узилишлар ортидан Андижон, Фарғона, Сирдарё ва Қорақалпоғистонда аҳоли норозилик билдириб, йўлларни тўсиб қўйган эди.