Хабаровскда 19 намойишчи ҳибсга олинди

Россиянинг Узоқ Шарқидаги Хабаровск шаҳрида минтақанинг қамалган собиқ губернатори Сергей Фургални қўллаб-қувватлаш учун намойишга чиққан камида 19 киши ҳибсга олинди.

Бу ҳақда 26 декабрь куни полиция фаолиятини кузатувчи «ОВД-Инфо» гуруҳи маълум қилди.

Фургал 2018 йилда губернатор этиб сайланган эди. У сайловда 70 фоиз овоз тўплаб, «Единая Россия» номзоди устидан ғалаба қозонган.

Фургал 9 июль куни Хабаровскда қўлга олиниб, Москвага йўлланди.

Пойтахтда суд сиёсатчини икки ойга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. У 15 йил аввал тадбиркорларнинг ўлдирилишини уюштирганликда айбланяпти.

Хабаровскда Фургал тарафдорлари 169 кундан бери намойишга чиқмоқда.

Фургал ва унинг тарафдорлари унга қўйилган айбловларни рад этиб келадилар.