Россияда кекса ёшдагиларни ҳам коронавирусга қарши эмлашга изн берилди

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда ишлаб чиқарилган «Спутник» вакцинаси билан 60 ёшдан ошган шахсларни эмлашга рухсат берди.

Бу ҳақда 26 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко маълум қилди.

Аввалроқ 18 ёшдан катта россияликларни эмлаш жараёни бошланган эди. Мурашконинг айтишича, эндиликда вакцина кекса ёшдагилар учун ҳам хавфсиз эканлиги тасдиқланган.

Россия ҳукумати тарқатган расмий маълумотларга кўра, коронавирус пандемияси бошланганидан буён мамлакатда қарийб 3 миллион вирус юқтириш ҳолати қайд этилган, COVID-19 инфекциясига чалинганларнинг 53 659 нафари нобуд бўлган.