Қозоғистонда ўлим жазоси расман бекор қилинди

Қозоғистонда 2003 йилда ўлим жазосига номаълум муддатга мораторий қўйилган, аммо терроризм билан боғлиқ жиноятлар учун ўлим жазоси сақлаб қолинган эди.

2 январь куни Қозоғистон президенти сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, мамлакатда ўлим жазоси расман бекор қилинди.

Мамлакатда қарийб йигирма йил давомида ўлим жазоси музлатиб қўйилган эди.

Баёнотда айтилишича, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг Иккинчи факультатив протоколини имзолаган.

Мазкур қонунни имзолаган давлатлар ўлим жазосини бекор қилишга мажбурдир.

Қозоғистонда 2003 йилда ўлим жазосига номаълум муддатга мораторий қўйилган, аммо терроризм билан боғлиқ жиноятлар учун ўлим жазоси сақлаб қолинган эди.

2016 йилда Олмаотада оммавий отишмани амалга оширишда айбдор деб топилган Руслан Кулекбаев ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. Эндиликда у умрбод қамоқ жазосини ўтайди.

МДҲ давлатлари орасида фақат уч давлат – Россия, Тожикистон ва Беларусь ҳали Иккинчи факультатив протоколни имзолагани ёки ратификация қилгани йўқ.