Тошкентда бир кунда иккита зилзила рўй берди

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмик прогностик мониторинг маркази Тошкент ва атроф вилоятларда 6 март куни эрталаб иккита зилзила рўй берганини маълум қилди.

Марказга кўра, биринчи зилзила 6 март куни соат 02:52 да содир бўлган. Зилзила эпимаркази Тошкент вилояти Пискент туманида бўлиб, унинг кучи 4,4 баллни ташкил этган. Ўчоқ чуқурлиги — 10 километр бўлган.

Иккинчи зилзила Тошкент вақти билан эрталаб соат 06:04 да Қирғизистоннинг Қадамжой вилояти ҳудудида, Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти билан чегараси яқинида содир бўлди (Шимолий кенглик 40,24 даража; шарқий узунлик 71,88 даража), Тошкентдан 252 километр жануби-шарқда.

Зилзила эпимарказида магнитуда 4 балл бўлган, ўчоқ чуқурлиги — 13 километр.

Зилзила Фарғона шаҳрида (эпимарказидан 18 километр узоқликда) 4 балл, Андижонда (72 километр) ва Наманганда (86 километр) 2 баллгача сезилган.

Зилзила оқибатида талафотлар бўлмагани айтилмоқда.