Бухорода ОИВни 10дан ортиқ одамга "қасддан" юқтирган аёл қўлга олинди

Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида яшовчи 27 ёшли аёл 10 дан ортиқ фуқарога ОИВ инфекциясини қасддан юқтирган ва юқтириш хавфи остида қолдирган.

Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Когон шаҳрида яшовчи, 1994 йилда туғилган аёл 2017 йилнинг 21 декабр кунидан бошлаб Бухоро вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олинган.

Бухоро вилояти ИИБсига кўра, жорий йилнинг 1 март куни ўтказилган тадбирда ушбу фуқаро ўзининг ОИВ инфекциясига чалинганини била туриб, 2020 йилнинг август ойидан 2021 йилнинг феврал ойига қадар 10 дан ортиқ фуқаро билан Бухоро шаҳрининг турли жойларида ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлиб, ушбу шахсларга ОИВ инфекциясини қасддан юқтириш ва юқтириш хавфи остида қолдириш жиноятини содир қилган.

ИИБ хабарида таъкидланишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатган. Аёлга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.