Бухородаги Хўжа Насриддин, Тошкентдаги Ҳамид Олимжон ҳайкаллари муаллифи Яков Шапиро вафот этди

Яков Шапиро ясаган Ҳамид Олимжон ҳайкали Тошкентдаги шоир номидаги хиëбонга 1990 йили ўрнатилган эди. Ҳайкал 2017 йилда “Адиблар хиëбони”га кўчирилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Яков Иосифович Шапиро 84 ёшида вафот этгани тўғрисида 3 апрель куни “Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳаси маълум қилди.

Яков Шапиро Тошкент метросининг бешта станцияси, жумладан, “Мустақиллик майдони” ва “Буюк ипак йўли” станцияларидаги паннолар муаллифидир. У Бухородаги машҳур Хўжа Насриддин ҳайкалини ҳам ишлаган.

Бундан ташқари Шапиро Тошкентдаги Максим Горький, Шота Руставели, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Лал Баҳадур Шастри, Ботир Зокиров ҳайкаллари муаллифи ҳамдир.

Унинг ҳайкаллари Ўзбекистондан ташқари Россия, АҚШ, Франция, Италия, Исроил, Япония каби давлатларда ўрнатилган.

“Газета уз”нинг маълум қилишича, Яков Шапиро 1937 йилда Украинанинг Житомир вилояти Олевск шаҳрида туғилган. Иккинчи Жаҳон Уруши вақтида оиласи билан Ўзбекистоннинг Марғилон шаҳрига эвакуация қилинган. Кейинроқ у ота-онаси билан Тошкентга кўчиб ўтади. 1944 йилда Украинага қайтади.

У Киев санъат билим юртини тамомлаб, Санкт-Петербургдаги И. Е. Репин номидаги Давлат академик рассомлик, ҳайкалтарошлик ва архитектура институтида ўқийди. Кейинроқ Тошкентга кўчиб ўтади.