МХХнинг собиқ марказий биноси бошланғич 1 сўм нархда сотувга қўйилди

Собиқ Миллий хавфсизлик хизмати (Давлат хавфсизлик хизмати)нинг Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган бош қароргоҳи аукцион савдоларига қўйилди.

Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги 10 апрель куни маълум қилди.

Эълонда таъкидланишича, ушбу давлат активидан келгусида офис, савдо, савдо-кўнгилочар, маданий-хордиқ, спорт, туристик ва бошқа хизматлар кўрсатиш фаолияти йўналишларидан бири ёки бир нечтасини амалга оширилиши талаб этилади.

Мазкур бино дохил 15 та объект Давлат активларини бошқариш агентлиги расмий сайтига жойланган “Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати”га киритилган.

Бу рўйхат Ўзбекистон президентининг ўтган йил 27 октябрида имзоланган “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига илова қилинган.

Фармонда давлат объектларини “ноль” харид қийматида сотиш амалиёти бекор қилиниши ҳамда давлат комиссияси қарорларига асосан инвестиция ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида “1 сўм” бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.