Ўзбекистон биологлари фанга номаълум бўлган ўсимлик турини топди

Мазкур ёввойи пиёз турига ҳали ном берилгани йўқ. Фанлар академияси фотоси.

Ўзбекистон олимларидан иборат илмий экспедиция Фарғона водийсининг шимолий қисмидги Қирғизистонга чегарадош ҳудудда олиб борилган дала тадқиқотларидан бирида шу кунгача фанга номаълум бўлган янги ёввойи пиёз турини топди.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг маълум қилишича, мамлакатда ёввойи пиёзларнинг турли ҳиллари мавжуд. Аммо янги топилган ёввойи пиёз тури ҳалигача фанга маълум бўлган эмас.

“Унга энг яқин бўлган ўсимлик тури Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари ҳудудларидаги Баланд тоғ ҳудудида ўсадиган Аллиум минитум Введ, яъни кичик пиёз номи билан киритилган ўсимликдир. Ўхшаш белгилари улар гулининг тузилиши ва оқ рангда бўлиши, фарқи эса экологик макони ҳисобланади», дейилади расмий билдирувда.

Фанлар академияси янги топилган ўсимлик бўйича тадқиқотлар олиб борилаётганини,тадқиқот якунланганидан сўнг Ботаника институти Ўзбекистон флораси лабораторияси ҳамда Ўзбекистон Миллий гербарийси томонидан унга ном берилишини ҳам билдирди.