Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари Хўжандда чегара демаркацияси масаласини муҳокама қилишди

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида жорий йилнинг 17 – 22 май кунлари Ўзбекистон билан Тожикистон ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг икки давлат демаркация қўшма комиссияси доирасидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегараларида демаркация ишларини муҳокама қилишиб, демаркация қилиш линияси лойиҳаси ҳамда ўзбек-тожик давлат чегарасида чегара белгиларини ўрнатиш бўйича фикр алмашганлар.

“Азия-Плюс” агентлигининг Сўғд вилояти маъмуриятдаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, Душанбе ва Тошкент таркибига геодезистлар, картографлар, Ташқи ишлар вазирликлари, Чегара хизматлари вакиллари кирган тегишли ишчи гуруҳларга 2021 йил охиригача икки давлат чегараларида чегара устунларини ўрнатиш тартибини тўла тасдиқлаш вазифасини топширган.

Икки мамлакат расмийларининг чегара масалалари бўйича бундан аввалги учрашуви шу йил март ойи охирида бўлиб ўтган.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги давлат чегараси делимитацияси 2019 йили тўлалигича якунланган эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1332 километрга тенг бўлиб, 105 километрини дарё ва 1227 километрини қуруқлик ташкил этади.