Наманганда ҳокимлик биносига қўйларни ҳайдаб борган фуқаро 10 кунга қамалди

Наманганда ҳокимлик биноси олдига қўйларни ҳайдаб борган фуқаро шаҳар ободончилик қоидаларини бузишда айбланиб, 10 кунга қамалди.

Бундан ташқари фуқарога базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси ҳам белгиланган.

"Mubosher Laziz Azizbek fayz" МЧЖга тегишли бўлган қўйлар 17 июнь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туман ҳокимлиги биносига ҳайдаб келинганди.

Туман ҳокимлиги томонидан озуқа етиштириш учун ер ажратилмагани сабабли чўпонлар шундай норозилик акцияси уюштиришган.

Наманган Ички ишлар бошқармаси хабарига кўра, жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судининг очиқ суд мажлисида туман ҳокимлиги биноси олдига қўйларни олиб келган фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми, 104-моддаси 1-қисми, 161-моддаси, 183-моддаси ва 194-моддаси 1 қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган.

Маълум қилинишича, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми билан, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдоридаги жарима жазоси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 104-моддаси 1-қисми ва 161-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдоридаги жарима жазоси, кодекснинг 183-моддаси билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси, кодекснинг 194-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдоридаги жарима жазоси тайинланди.

Бундан олдин Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига 1,5 мингга яқин қўй суруви ҳайдаб келиниши ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлганди.