Европада сув тошқинларида 120 дан ортиқ одам нобуд бўлди

Германиянинг сув босган Шульд қишлоғи, 15 июль, 2021.

Қутқарувчилар Германиянинг ғарбий қисмида жойлашган бир неча шаҳар ва қишлоқда кучли тошқин қурбонларини излашда давом этмоқда.

Ҳафта бошида Германияда ва яна уч мамлакатда кучли ёмғир ортидан мисли кўрилмаган сув тошқинлари содир бўлди.

Германиянинг ўзида 20 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқни сув босган, натижада камида 108 киши нобуд бўлган.

Расмийлар нобуд бўлганлар сони ошиб боришидан хавотирда.

Бельгия, Голландия ва Люксембургнинг айрим қисмларида ҳам тошқин юзага келган. Тошқин йўллар ва бошқа инфратузилма объектларини вайрон қилган.

Шунингдек, айрим ҳудудларда Интернет ва уяли алоқа хизмати ҳам узилиб қолган.

16 июль куни кечқурун, яъни тошқин бошланганидан қарийб 48 соат ўтгандан кейин ҳам баъзи шаҳарларда кўчалар ҳали ҳам сув остида бўлгани хабар қилинди.

Расмийлар қидирув ишлари давом этишини айтмоқда.