Тихановская АҚШга ташрифи чоғида юқори лавозимли расмийлар билан учрашади

Беларусь мухолифати раҳбари Светлана Тихановская

Беларусь мухолифати раҳбари Светлана Тихановская келаси ҳафта АҚШга хизмат сафари билан бориб, АҚШ сиёсатчилари билан Беларусдаги сиёсий бўҳронга ечим топиш масаласини муҳокама қилади.

Мухолифатчининг сафари ҳақида 16 июль куни унинг Telegramдаги матбуот хизмати маълум қилди. Маълум бўлишича, Тихановская Вашингтон, Нью-Йорк ва Калифорния шаҳарларига боради.

Тихановскаянинг матбуот хизматига кўра, у сиёсатчилар, экспертлар ва белоруслар диаспораси билан учрашишни режалаштирмоқда.

AFP агентлиги АҚШ расмийсига таянган ҳолда Тихановская ўз ташрифи давомида Оқ уй расмийлари билан учрашишини хабар қилди.

Тихановская офисининг маълум қилишича, унинг жамоаси ташриф тафсилотларини АҚШ давлат департаменти ва АҚШнинг Беларусдаги элчиси Жули Фишер билан муҳокама қилган.

Тихановскаянинг АҚШга ташрифи Беларусь хавфсизлик хизматлари мамлакат бўйлаб бир нечта мустақил журналист офиси ва уйини, жумладан, Озодликнинг Минскдаги офисини тинтув қилаётган бир кезда эълон қилинди.