Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Нусрат Парпиев 90 ёшида вафот этди. Шу муносабат билан президент Шавкат Мирзиёев, Бош вазир Абдулла Арипов, Сенат раиси Танзила Норбоева ва бошқа ҳукумат расмийлари таъзия билдирди.
Нусрат Парпиев 1931 йилнинг 14 октябрида Тошкент шаҳрида туғилган. 1953 йилда Ўрта Осиё давлат университетини, 1956 йилда Москва давлат университетининг аспирантурасини тамомлаган.
Парпиев 70 йиллик фаолияти давомида Ўзбекистондаги кўплаб олийгоҳларда турли лавозимларда меҳнат қилган.
“ Нусрат Парпиевнинг муаллифлигида комплекс бирикмалар кимёси йўналишига бағишланган 750 дан зиёд илмий мақолалар, 7 та монография, 22 та муаллифлик гувоҳномаси ва 3 та патент юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассислари томонидан юксак эътироф этилган. Унинг раҳбарлигида 50 дан ортиқ фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган”, -дейилган расмий таъзияда.