Қозоғистон: Қурол-яроғ омборидаги портлашда 9 киши ҳалок бўлди, 60дан ортиқ одам яраланди (ВИДЕО)

Қозоғистоннинг Жамбул вилояти, Бойзоқ туманидаги 28343-сонли ҳарбий қисм омборида 26 август куни кечқурун юз берган портлашлар ва ёнғинда 9 киши ҳалок бўлган, 60 дан ортиқ одам яраланган. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қозоғистон мудофаа вазирлиги олтита портлаш содир бўлганини тасдиқлаган, аммо маҳаллий аҳоли улар сони кўпроқ бўлганини ва ярим кечагача давом этганини айтмоқда.

Вазирлик омбордаги ўқ-дори портлаганда узоқ масофага отилиб кетмаслигини иддао қилган бўлса-да, яқин-атрофдаги қишлоқлар аҳолиси кўчирилмоқда.

Сўнгги маълумотга кўра, теваракдаги тўртта қишлоқдан 1200 га яқин одам Тароз шаҳрига кўчирилган.

Президент Қосим-Жўмарт Тоқаев ҳодиса юзасидан жиноят иши очилганини эълон қилди.

Жамбул вилояти акимати тарозликларни уйдан чиқмасликка ва дераза олдида турмасликка чақирмоқда. Шунга қарамай, гувоҳларга кўра, кўчаларда ва Чимкентга элтувчи йўлда тирбандликлар ҳосил бўлган – одамлар шаҳардан чиқиб кетишга уринишмоқда.

Авария жойига олиб борувчи барча йўллар ёпилган, жамоат тартибини сақлаш ва талончиликнинг олдини олиш мақсадида аҳолиси кўчирилган қишлоқларда патруллик хизмати ташкил қилинди.

Вилоят акими Бердибек Сапарбоев бошчилигида тезкор штаб тузилган.