Туркманистон пойтахтида полиция калта иштон кийганларни тўхтатиб, огоҳлантириш бермоқда

Туркманистон пойтахти Ашхободда калта иштон кийган эркак ва аёллар полиция тарафидан тўхтатилиб, огоҳлантириш олмоқда.

Ҳуқуқ -тартибот идоралари ходимлари ўз ҳаракатларининг сабабларини изоҳламайдилар.

Озодлик радиосининг туркман хизмати хабарига кўра, 7 сентябр куни бир киши Туркманистон-Туркия банкининг "Мустақилликнинг 15 йиллиги" савдо маркази яқинидаги филиалига маошини олиш учун келганида, полиция калта иштон кийганини пеш қилиб уни киритмаган.

Банк ходимларидан бири у анчадан буён навбатда тургани учун қўйиб юборишни сўраган. Аммо полициячи рад жавобини берган.

Гувоҳнинг айтишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими банкдаги навбатларнинг қолган қисмини огоҳлантирган, энди "жамоат жойларига шортикда келган фуқаролар ичкарига киритилмайди" деб.

Журналистлар Ашхобод Ички ишлар бошқармасидан, шунингдек, Туркманистон-Туркия банкидан бу холатга изоҳ ололмади.

Туркманистонда давлат муассасалари ходимлари ва университет талабаларининг кийиниш одоби ҳақидаги қонун йигирма йилдан буён амалда.

Бу қонунга кўра, жамоат жойларида шортик кийиш тақиқланган.

Икки ой аввал "Озодлик" радиосининг туркман хизмати Туркманистон шарқида полиция аёлларни жинси шим ёки қисилган ва калта кўйлак кийгани, шунингдек сочларини бўягани учун қўлга олгани ҳақда хабар берган эди.