АҚШда 9/11 террор хужумлари қурбонлари хотирланмоқда

Бугун АҚШда 2001 йил 11 сентябрда содир этилган террор ҳужумлари қурбонлари хотирланмоқда.

Йигирма йил аввалги фожиада қарийб 3 000 одам нобуд бўлган эди.

Асосий хотира тадбирлари Нью-Йорк шаҳрида 20 йил олдин учоқлар келиб урилган Жаҳон савдо маркази биноси ўрнидаги "Ground zero" хотира мажмуасида бўлиб ўтади.

Нью-Йоркдаги фожиада ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонлик Гавҳар Қамариддинова ҳам бўлган.

Маросимлар, шунингдек, Вашингтон шаҳри ва Пенсильвания штатида ҳам бўлади.

АҚШ президенти Жо Байден учта ёдгорлик жойига ташриф буюради. Жо Байден ва вице-президент Камала Харрис Пенсилвания штатидаги дала ёдгорлигини ҳам зиёрат қилади, у ерга тўртинчи ўғирланган самолёт қулаганди.

2001 йил 11 сентябрда жиҳодчилар тўртта йўловчи самолётини олиб қочишган.

Улардан иккитаси Ню Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг эгизак минораларига урилган.

Учинчи самолёт Вашингтондаги Мудофаа вазирлиги биносига йўналтирилган ва Пентагоннинг ғарбий қанотига қулаган.

Тўртинчи самолёт экипажи ва йўловчилари босқинчиларни назоратга олишга ҳаракат қилишди, оқибатда лайнер Пенсилвания штатида қулаб тушди.

Ҳужумларда қарийб уч минг киши ҳалок бўлган. Теракт қурбонлар сони бўйича тарихдаги энг йирик ҳужум бўлди.

Ҳужумлар учун жавобгарликни дунёнинг кўплаб мамлакатларида тақиқланган "Ал-Қоида" террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди.

Гуруҳ асосчиси Усама бин Ладин Афғонистонда, Толибон террорчилик гуруҳи ҳомийлигида бўлган.

Ҳужумдан сўнг дарҳол Вашингтон Усама бин Ладин ва "Ал-Қоида" нинг бошқа раҳбарларини қўлга олиш ва уларни Америка адолатига топширишга қаратилган операция бошланганини эълон қилди.

Бу АҚШ қўшинларининг Афғонистонга киритилишининг сабабларидан бири бўлганди.