ФСБ ўзбекистонликни Украинага жосуслик қилишда айбламоқда

ФСБ ходимлари гўё Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорлик қилган ва Россия Федерацияси билан чегарани кесиб ўтган Ўзбекистон ватандошини қўлга олишди. Бу ҳақда РИА Новости Россия Федерал хавфсизлик хизматига (ФСБ) таяниб хабар бермоқда.

"Россия ФСБнинг Брянск вилояти бўйича Чегара хизмати бўлими Украинадан Россия Федерацияси томон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 1981 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаросини наркотик мастлик аломатлари билан ушлади", - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тинтув пайтида ўзбекистонликдан фотосуратга олиш, видео ва аудио ёзиш имконияти бўлган махсус яширин техник воситалари, шунингдек, бироз миқдорда кукунли модда мусодара қилинган. Чегарачилар бу кукунли модда наркотик эканини тахмин қилишмоқда.

“Тинтув давомида, қонунбузар 2019 йилдан бери Украина ҳуқуқ -тартибот идоралари билан махфий асосда ҳамкорлик қилиб келгани маълум бўлди. Навбатдаги вазифани бажараётганда, Россия Федерациясига ноқонуний кирмоқчи бўлган шахс ниқоби остида, у жиноий гуруҳ вакилларидан бири билан алоқага чиқиб, 27 минг гривна (1 минг доллар - таҳр. ) пул мукофоти эвазига бу шахсни чегарадан ноқонуний олиб қўйиш жавобгарлигини олган", - дейилади хабарда.

Лекин, Ўзбекистон фуқаросининг сўзларига кўра, режаланган ишлар чипакка чиққан. Ўзбекистонлик муҳожир, чегарачилар хабарича, ҳамкорлари билан келиша олмаган ва якка ўзи Россия-Украина чегарасини бузишга мажбур бўлган.

Қўлга олинган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатиш масаласи кўрилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу маълумотга ҳозирча изоҳ берганича йўқ.