Мирзиёев яна сайланса, Наманганда камбағалликни 2 баробарга қисқартиришни ваъда қилди

Президент Шавкат Мирзиёев. ЎзЛиДеп расмий сайтидан олинган сурат.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь куни Наманганда сайловчилар билан учрашди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги “Юксалиш” саноат шаҳарчасида бўлиб, “Glass еxpo” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишган.

Бу ерда ойнага миллий нақшлар ва замонавий дизайн асосида ишлов берилади. Мирзиёев корхонадаги ишчилар билан гаплашди, тадбиркорлар билан мулоқот қилди.

Кейин эса сайловчилар билан учрашиб, сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Мирзиёев келаси 5 йилда Наманган вилоятида 400 мингта янги иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини камида 2 бараварга ошириш, камбағалликни 2 бараварга қисқартиришни ваъдалари қилди.

Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги кунлари унинг Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам сайловолди учрашувлари ўтказиши режаланган.

Мирзиёев водий вилоятларига сафари чоғида у ерлардаги корхоналар фаолияти, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалар ҳаёти билан ҳам танишиши билдирилган.

24 октябрдаги сайловларда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган 64 яшар Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ҳамда Самарқанд вилоятларига сафар қилган эди.