Қандаҳорда шиа масжидига ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати" террорчи гуруҳи зиммасига олди

Қандаҳорда ўтган оммавий дафн маросими

Қандаҳорда масжидга уюштирилган ҳужумда қурбон бўлганлар 16 октябрь куни оммавий дафн этилди.

Шиа мусулмонларига оид масжидга 15 октябрь куни уюштирилган ҳужум учун масъулиятни "Ислом давлати-Хуросон" террорчи гуруҳи ўз зиммасига олди.

Гуруҳ тарқатган баёнотга кўра, икки худкуш ҳужумчи масжиднинг икки нуқтасида туриб, ўзини портлатган.

Вилоятдаги маҳаллий расмийларга кўра, 16 октябрга келиб ҳужумда ўлганлар сони 41 киши, жароҳатланганлар эса 70 нафарга етган.

Reuters агентлигига маълумот берган расмийлардан бирига кўра, яраланганлардан айримларининг аҳволи оғир ва уларни Кобулга жўнатишга уринишмоқда.

Бундан бир ҳафта аввал Қундуздаги шиалар масжидига ҳам ҳужум уюштирилган, унда ҳам 100 дан ортиқ одам қурбон бўлганди.

У ҳужум учун ҳам масъулиятни "Ислом давлати-Хуросон" террорчи гуруҳи ўз зиммасига олган.