МСК: ярим миллионга яқин сайловчи муддатидан олдин овоз берган

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 14–20 октябрь кунлари 421 618 нафар сайловчи Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бергани ҳақда маълум қилди.

Комиссиянинг билдириича, сайлов кодексининг 57-моддаси асосида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар 14–20 октябрь кунлари давомида муддатидан олдин сайловда қатнашган.

Муддатидан олдин овоз берган 421 618 нафар сайловчидан 301 094 нафари Ўзбекистондаги сайлов участкаларида, 120 524 нафари эса чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз беришган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, мамлакат бўйлаб 14та сайлов округларида 10 мингга яқин, шу жумладан Ўзбекистоннинг хорижий дипломатик ваколатхоналаридаги сайлов участкалари сайловчиларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилган.

24 октябр кунига белгиланган сайловларда Ўзбекистоннинг жорий президенти ҳамда мамлакатда расман қайддан ўтган яна тўрт сиёсий партиядан номзод қатнашади.

Номзодларнинг барчаси жорий ҳукумат сиёсатини маъқуловчилардир.

Ўзбекистондаги президентлик сайловини кузатаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг кузатувчилар миссияси оралиқ ҳисоботида номзодлар ўртасида рақобат йўқ, юзма-юз мунозара кураши кўзга ташланмайди, деб билдирган.