Берлинда Россия элчихонасининг иккинчи котиби номаълум сабабларга кўра вафот этди. Бу ҳақда 5 ноябрь куни Германиянинг “Spiegel” журнали хабар берди.
Унда айтилишича, полиция 37 ёшли эркакнинг жасадини 19 октябрь куни дипломатик миссия биноси қаршисидаги йўлкадан топган. Тез тиббий ёрдам ходимларининг уни ўзига келтиришга уриниши самара бермаган.
Тахминларга кўра, дипломат юқори қаватдаги деразадан йиқилган бўлиши мумкин. “Spiegel” мурда аллақачон Россияга топширилганини маълум қилган. Элчихона вакили нашрнинг саволларига жавоб бераркан, ҳамкасбининг ўлимини “фожиали воқеа” деб атаб, “одоб нуқтаи назаридан” бу хусусда изоҳ берилмаслигини айтган.
Ўлган одамнинг дипломатик мақоми бўлгани сабабли Германия прокуратураси воқеани тергов қила олмаган. Россия томони мурдани ёриб кўришга розилик бермаган.
“Spiegel” ёзишича, ўлган дипломат 2019 йил ёзда Берлиндаги элчихона ҳузурида аккредитация қилинган. ГФР хавфсизлик хизматлари у дипломатик ҳимоя остида иш олиб борган ФХХ зобити бўлганини истисно этмаган.
“The Insider” ва “Bellingcat” нашрлари эса унинг шахси аниқланганини хабар қилмоқда. Таъкидланишича, марҳум дипломатнинг исми Кирилл Жало бўлиб, у Конституциявий тузумни ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши кураш бошқармаси (ФХХнинг Иккинчи бошқармаси номи билан машҳур) бошлиғи ўринбосари генерал-лейтенант Алексей Жалонинг ўғлидир.
Ғарб махсус хизматлари 2019 йилда Берлинда собиқ чечен дала қўмондони Зелимхон Хангошвилининг ўлимини айнан ФХХ Иккинчи хизмати уюштирган, деб тахмин қилади. “The Insider” маълумотига кўра, Алексей Жало ушбу воқеадан икки ой олдин Венадан Берлинга ишга ўтказилган.