Мирзиёев журналист ва блогерлар ўз ҳимоясида бўлишини яна бир бор айтди

Шавкат Мирзиёев қонуний фаолият юритаётган барча журналист ва блогерлар бундан буён ҳам қонун ва президент ҳимоясида бўлишини айтди.

6 ноябр куни Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Сенатида ўтган иинаугурация маросимида сўзлаган нутқида Мирзиёев: "Мамлакатда демократик янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштириш учун сўз ва матбуот эркинлигини, фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш, ўз фикр ва қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш борасида муҳим чора-тадбирлар ҳаётга жорий этилмоқда", деди.

Ўзбекистон раҳбари танқид баъзи амалдорларга ёқмаслигини ҳам қўшимча қилди.

"Танқидий фикрларни тўғри қабул қилиш эскича қолиплар билан яшаётган айрим амалдорларга ёқмаслиги ҳам мумкин. Лекин бундан қатъи назар, биз бу йўлни давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири деб биламиз ва уни изчил давом эттирамиз", - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти ўз чиқишида, мамлакатнинг амалдаги қонунчилигига давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи ўзгартишлар киритилишини ҳам айтди.

Freedom House сўнгги ҳисоботида президент Шавкат Мирзиёев ўтказаётган ислоҳотлар оқибатида матбуотга босим кўрсатиш даражаси бир оз камайганини эътироф этган эди.

Шу билан бир қаторда танқидчиларни қамоққа олиш ёки қўрқитиш амалиёти ҳам тўхтатилмаганини билдирганди.