Мирзиёев: Раҳбар халқнинг юкини елкасига олиши керак!

Тошкентдаги Сенат биносида бўлиб ўтаётган инаугурация маросимида қилган нутқида президент Шавкат Мирзиёев давлат бошқарув тизими ислоҳ қилиниши, қадрларни танлашда замонавий ёндашув зарурлигини таъкидлади.

"Шу муносабат билан халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган даъватга қўшимча қилиб айтмоқчиман. Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак”, - деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари жамият ва давлат бошқарув тизими айрим раҳбарларнинг субъектив нуқтаи назарига қараб қолмаслигини таъкидлади.

"Содда қилиб айтганда, уларнинг қош-қовоғига қараб эмас, аксинча, мустаҳкам ҳуқуқий мезонларга эга бўлган институтлар фаолияти орқали амалга оширилиши зарур. Раҳбар халққа юк бўлмаслиги, аксинча, халқнинг юкини елкасига олиши керак", - деди Мирзиёев.

Freedom House ташкилоти 2020 йил бўйича эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонни эркин бўлмаган давлатлар қаторида қолдирганди.

Ташкилот ҳисоботида Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистонда ижобий ўзгаришлар кузатилган бўлса-да, мамлакат ҳануз кучли авторитар бошқарув остида қолаётгани айтилади.