Мирзиёев яна бир бор шифокорлар ойлигини 1 минг долларга етказишни ваъда қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини 1000 долларга етказишни ваъда қилди.

Мирзиёев соҳага икки баравар кўпроқ маблағ йўналтирилишини ҳам айтди.

2006 йилдан бери ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси — Тиббиёт ходимлари куни сифатида нишонланиб келинади.

Кейинги беш йилда соҳага оид 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари, жумладан, 2019−2025 йилларда Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, жорий йилда соҳага 18 триллион сўмдан зиёд ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ ажратилган.

"Келгусида соҳага йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, яқин беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш белгилангани бу борадаги режаларимиз кўламидан далолат беради", — деди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари ўқитувчи ва шифокорлар ойлигини кўтариш ҳақида биринчи марта айтаётгани йўқ.

Сайловолди учрашувларида ҳам Мирзиёев муаллим ва тиббиёт ходимлар маошини 1 минг доллар қилишни ваъда қилган.

Айни пайтда Ўзбекистон раҳбарининг маош миқдорини ўзбек миллий валютаси сўмда эмас АҚШ долларида тилга олиши тармоқларда муҳокама бўлган.