Арманистон Россиядан Озарбайжон аскарларини “ўз ҳудудидан чиқариш”да кўмак сўради

Тоғли Қорабоғдаги арман аскарлари.

Арманистон ўзини Озарбайжондан “ҳимоя қилиш илтимоси” билан Москвага мурожаат қилди. Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳукуматига мурожаатни 16 ноябрь куни топширди.

Мурожаатда Россия, Арманистон, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан “Озарбайжон кучларини Арманистон ҳудудидан чиқаришга” кўмак кўрсатиши сўралган.

Сўнгги кунларда Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазият кескинлашиб бормоқда. 16 ноябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги чегарадаги Калчабар ва Лочин туманларида Арманистон уюштирган “йирик провокациянинг олди олингани” тўғрисида маълум қилди.

Озарбайжоннинг билдиришича, арман ҳарбийлари Озарбайжон аскарлари жойлашган ҳудудга турли колибрдаги минемёт ва замбараклардан бомба отиб, икки кишини яралаган.

Арманистон Мудофаа вазирлиги эса “провокацияда” Озарбайжонни айблади ва отишма пайтида қўшни давлатнинг бир нечта аскари яларанганини хабар қилди.

Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги муносабатлар ўтган йили Тоғли Қорабоғ атрофида бўлиб ўтган тўқнашувдан кейин таранглигича қолмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги олти ҳафталик уруш камида 6 минг 900 кишининг умрига зомин бўлган.

2020 йил ноябрида томонлар Москва воситачилигида ўқ отишни тўхтатишга оид келишувни имзолаганлар. Келишув шартларига кўра, Арманистон этник арманилар томонидан ўн йиллар давомида назорат қилиб келинган ҳудуднинг бир қисмини Озарбайжонга топширган.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.