Толиблар шифохонага эркак ҳамроҳисиз келган аёлларни қабул қилишни тақиқлади

Пактико вилоятида даср олаётган аёл-қизлар, 16 ноябрь, 2021

Афғонистоннинг Ғазни вилоятида Толибон маъмурлари шифокорларга эркак киши ҳамроҳлигисиз келган аёлларга тиббий ёрдам кўрсатишни тақиқлади.

Бу ҳақда, Толибон ҳукуматининг соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбасига таянган ҳолда, Etilaatroz нашри хабар берди.

Нашр манбаси мазкур тақиқ “Исломга чақирув ва ориентация вазирлиги” орқали Афғонистоннинг бошқа вилоятларига ҳам ёйилганини билдирган.

Ушбу идора аввалроқ аёлларнинг юзини ва умуман танасининг ҳар қандай қисмини очиши ман этилгани ҳақида қарор чиқарган эди.

Афғонистонлик аёллар эндиликда фақат бурқа, паранжи ёки ниқоб билан кўчага чиқишлари мумкин ва бу либослар фақат қора рангда бўлиши керак.

Бир неча кун олдин Толибон режими иқтидорга келганидан бери мамлакатда 43 фоиз ОАВ ёпилгани, 6400 нафар журналист ва ходимлар ишсиз қолгани маълум қилинган эди.

Маҳаллий медиаларда ишлаётган аёлларнинг 84 фоизи бўшатилган, телевидениеда эса битта ҳам аёл журналист қолмаган. Бундан ташқари, толиблар ОАВларга аёлларни ишга қабул қилишни ман этган.